ТАРИХИМСАН, ТАҚДИРИМСАН, КЕЛАЖАГИМСАН, ОНА ТИЛИМ!

ТАРИХИМСАН, ТАҚДИРИМСАН, КЕЛАЖАГИМСАН, ОНА ТИЛИМ!

Она тили ҳар бир миллатнинг руҳиятини, келажак истиқболини ўзида акс эттириб, халқнинг мавжудлигининг асосий белгисидир. Ҳазрат Алишер Навоий бобомиз бежиз: “Тилга ихтиёрсиз — элга эътиборсиз”, дея таъкидламаган.

Ўзбекистон халқаро ислом академиясида 21 октябрь — “Давлат тили ҳақида”ги Қонун қабул қилинганининг 30 йиллиги муносабати билан “Тарихимсан, тақдиримсан, келажагимсан, она тилим!” шиори остида адабий-маърифий тадбир ўтказилди.

Тадбирда профессор-ўқитувчилар, ижодлар, адабиётшунос ва тилшунос олимлар ҳамда талаба-ёшлар иштирок этди. Анжуманни академиянинг Илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори З.Исломов кириш сўзи билан очар экан, бу улуғ сана юртимизда ҳар йили кенг нишонланиб келинаётгани, фарзандларимизнинг баркамол вояга етишида айнан она тилимизнинг ҳиссаси тенгсиз эканини таъкидлаб юртдошларимизни Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги Қонуни қабул қилинганининг ўттиз йиллиги билан муборакбот этди.

Шунингдек, “Жаҳон адабиёти” журнали бош муҳаррири, публицист, таниқли ижодкор А.Мелибоев “Ўзбек тили ҳақида мулоҳазалар”, академиянинг “Чет тиллари” кафедраси ўқитувчиси, педагогика фанлари номзоди, доцент С.Чинниева “Миллий тилнинг ўрни ва аҳамияти” мавзусида маъруза қилишиб, она тилимиз имкониятлари ва беҳад бойлиги хусусида маълумот бериб ўтди.


— Тил масаласида кўп гапирамиз, — дейди “Жаҳон адабиёти” журнали бош муҳаррири А.Мелибоев. — Бироқ айрим ёш йигит-қизларимиз ва ёши улуғларимизда ҳам ўз она тилини эъзозлашга эътибор доим ҳам юксак бўлавермаслиги кишини ташвишга солади. Она тилимизнинг хазинаси саналган нозик ва кўп маъноли иборалар, матал ва ҳикиматли мақолларимиз тилимиздан чиқиб кетяпти. Бунинг олдини олиш учун ҳар биримиз кўп китоб ўқишимиз керак. Зеро, китоб ўқимай туриб, тил жозибаси ва моҳиятини англаш мураккаб. Китоб ҳам тафаккуримизни, ҳам тилимизни бойитади.

Шундан сўнг тадбирда академиянинг “Мумтоз Шарқ адабиёти ва манбашунослик” ҳамда “Чет тиллари” кафедралари талабалари томонидан тайёрланган кўй-қўшиқ ва бадиий чиқишлар намойиш этилиб, ижодкор ёшлар ўртасида мушоира, “Мақоллар билимдони”, “Сиз шеваларни қанчалик биласиз?”, ўзбек тилида крассворд саволлари мусобақалари ташкил этилди.
Ўз навбатида таъкидлаш керакки, тилшунослар маълумотига кўра, бугун ер юзида 7 мингга яқин тил ва лаҳжа бўлиб, шулардан бор-йўғи 178 таси давлат тили мақомига эга. Бундан шуни англаш мумкинки, ўз она тилининг софлиги ва яшаб қолиши учун ҳар бир миллат курашмоғи зарур. Негаки, ўз она тилига эътиборсиз ва беписандлик билан қараган халқларнинг бошига қандай кулфатлар тушаётганини бугун барчамиз кўриб турибмиз. Айниқса, ўша юртларда ўсиб-улғаяётган ўғил-қизлар ўз миллий тилини унитаётгани ачинарли, албатта.


— Бугун барча тенгдошларимиз бир нечта хорижий тилларни мукаммал эгаллашга киришган, — дейди “Исломшунослик” факультети 1-босқич талабаси Шохиста Абдухолиқова. — Тўғри, айни ҳозирги рақобатлашув даврида жуда кўплаб хорижий тилларни билишимиз яхши. Лекин бу ўз она тилини ҳурмат қилмаслик ёки уни унитиш эвазига бўлмаслиги керак.
Тадбир сўнггида “Давлат тили ҳақида”ги Қонун қабул қилинганининг ўттиз йиллиги муносабати билан академия талаба-ёшлари ўртасида ўтказилган Иншолар танловининг ғолибларига фахрий ёрлиқ ҳамда эсдалик совғалари топширилди.

Бир сўз билан айтганда, она тилимизни асраб-авайлаш ҳар биримизнинг бурчимиздир. Атоқли адиб Чингиз Айтматов айтганидек: “Токи тил мавжуд экан — халқнинг умри боқийдир. Ҳар бир тил муайян халқ учун азиз ҳисобланади. Ҳар биримиз бизни вояга етказган, бизга энг бебаҳо бойлигини — тилини ҳадя этган халқ олдида қарздормиз: тилимизнинг софлиги учун, бойиши учун жон куйдирсак, фарзандлик бурчни адо этган бўламиз!”.

Ўзбекистон халқаро ислом академияси
Матбуот хизмати


Print   Email