ИЛМ ВА МАЪРИФАТ ЙЎЛИ ЁРУҒДИР (РАДДИЯ ЎРНИДА)

ИЛМ ВА МАЪРИФАТ ЙЎЛИ ЁРУҒДИР (РАДДИЯ ЎРНИДА)

Кеча “BBC”нинг ўзбек хизмати сайтида “Ўзбекистон: Ислом академиясида рўмоли билан ўқий олмаган Луиза Мўминжонова Туркияга ўқишга кирди” сарлавҳали мақола эълон қилинди. Ушбу мақолани  юртимиздаги айрим сайтлар ҳам ҳеч бир таҳлилий ёндашувсиз кўчириб, чоп этди.

Муборак Ҳадиси шарифда “Илмни Чиндан бўлса-да изланг”, дейилади. Шу боис, аввало, илмсевар ҳамюртимизни Истанбулдаги Мармара университети талабаси бўлгани билан қутлаймиз. Албатта, мамлакатимиз таълим соҳасида олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотлар натижасида юртимиз ёшлари жаҳоннинг энг нуфузли олий ўқув юртларида илм олиш имконига эга бўлаётганини эътироф этиш жоиз. Аммо айрим оммавий ахборот воситалари ҳали-ҳануз юртимиздаги тинчлик-хотиржамликни бузиш, одамлар қалбига иғво солишга интилиб, аслида, ижобий янгилик ёки мувафаққиятни ҳам “қора” рангда кўрсатишга интилаётганини тушуниш қийин.

Аввал хабар қилганимиздек, “Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг расмий баёноти”да биринчи курсга қабул қилинган собиқ талаба Луиза Мўминжонованинг талабалар сафидан кўп миқдорда ўқув соатларини қолдиргани сабаб четлаштирилгани ҳамда Ўзбекистон Республикаси қонунларига кўра, маълум муддатдан сўнг талабалар сафига тикланиш ва ўқишини давом эттириш учун мурожаат қилиши мумкинлиги хусусида маълумот берилганди.

Шу нуқтаи назардан, мазкур мавзуга яна бир бор тўхталиб ўтишни жоиз топмадик. Бироқ ёш талабанинг илмга рағбатини такрор қутлаган ҳолда унинг янги олий таълим муассасасидаги ўқишига ривож тилаймиз.

Муҳим жиҳати эса, ҳар қандай оммавий ахборот воситасига бирор шахс ёки миллатнинг ўзлигига шунчаки мулоҳаза билан бўлса-да, тегиб бўлмаслигини эслатиш лозим. Зотан, ўзини маънавий етук ҳисоблаган шахс ёки давлат миллатнинг она тили каби кийиниш маданияти ва урф-одатини ҳам миллий ўзлик сифатида қадрламоғи шарт!

Бунга ҳақиқий маърифатпарвар дин ҳисобланган Исломдан истаганча мисол топиш мумкин. Динимиз ўз номидан келиб-чиқиб, кишиларни тинчлик, маърифат, одобга чорловчи мўътадил ва бағрикенг диндир. Шу ўринда таъкидлаш керакки, ислом фақат диний аҳкомлар ва  ақидалардан иборат эмас, балки у жамиятни ислоҳ қилиш ва кишилар маънавиятини бойитишга хизмат қиладиган диний-ахлоқий таълимот, ҳаётий-ахлоқий ўгитларни ўзида мужассам этган ҳамдир.

Аммо, айрим динни ниқоб қилиб, ўз манфаати ёки қарашларини бутун жамиятга сингдирмоқчи бўлаган кимсалар доимо одамларни чалғитишга ўринади. Табиийки, инсон фитратида илм-маърифатга, зиёга интилиш, тараққиёт ва янгилик ахтариш устувор. Ҳар қандай янги фикр, янги ташаббус ва инсоннинг ўзлигига хосликни инкор қилиш эса мутаассибликка олиб боради. 

“Мутаассиблик” луғатда – бир нарсага қаттиқ боғланиб, кўр-кўрона эргашиш, ашаддий тарафкашлик, бир фикрда қаттиқ туриб олиш каби маъноларни англатади. Ҳозирги кунда аксарият исломшунос олимлар “мутаассиблик, гарчи далил кўриниб турган бўлса ҳам, бир томонга мойиллик туфайли ҳақни рад этишдир” дея таърифлашган.

Мутаассибликнинг турли ҳолатларини ҳозирда жамиятимиз ҳаётида ҳам учратиш мумкин. Масалан, айрим ёшларнинг кимгадар тақлид қилиб кийиниши, ўзини тутиши, тушуниб-тушунмай диний масалаларда баҳслашишида кўриш мумкин. Бу ҳолат эса, илмий жиҳатдан етарлича билим ва кўникмага эга бўлмаган айрим ёшларнинг кўп ҳолларда чалғишига ҳам олиб келаётгани ҳақиқат.

Шу нуқтаи назардан, 2017 йил 15 июнь куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган “Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш – давр талаби” мавзусидаги халқаро анжуманда мамлакатимизда ижтимоий барқарорликни таъминлаш, Ислом дини софлигини сақлаш ва жамиятдаги соғлом муҳитни мустаҳкамлашга устувор аҳамият қаратилганди.

Анжуманда давлатимиз раҳбари Ш.Мирзиёев алоҳида таъкидлаганди: “Бизни ҳамиша ўйлантириб келадиган яна бир муҳим масала – бу ёшларимизнинг одоб-ахлоқи, юриш-туриши, бир сўз билан айтганда, дунёқараши билан боғлиқ. Бугун замон шиддат билан ўзгаряпти. Бу ўзгаришларни ҳаммадан ҳам кўпроқ ҳис этадиган ким – ёшлар. Майли, ёшлар ўз даврининг талаблари билан уйғун бўлсин. Лекин айни пайтда ўзлигини ҳам унутмасин. Биз киммиз, қандай улуғ зотларнинг авлодимиз, деган даъват уларнинг қалбида доимо акс-садо бериб, ўзлигига содиқ қолишга ундаб турсин”.

Ҳар бир халқнинг қадр-қиммати, башарият тарихида тутган ўрни ва мақоми унинг жаҳон илм-фани ва маданияти ривожи, умумбашарий тамаддун ва тараққиётга қўшган ҳиссаси билан белгиланади. Шу нуқтаи назардан, кўҳна ва бой тарихимиз, миллий қадриятларимиз, аждодларимиз яратган бетакрор илмий-маънавий, диний-маърифий мерос дунё миқёсида эътироф этилган. Демак, бугунги ёшларимиз ҳам, энг аввало, ўз маданияти ва ўзлигини англашга интилса, маърифатнинг ёруғ манзилларига етишига ишонамиз.

Ўзбекистон халқаро ислом академияси
Матбуот хизмати


Print   Email