ТИРНОҚ ОСТИДАН КИР ҚИДИРМАЙЛИК

ТИРНОҚ ОСТИДАН КИР ҚИДИРМАЙЛИК

Hits: 44

Яқинда диний соҳани ёритишга ихтисослашган Аzon.uz сайти ўз саҳифасида Қусам Касбий тахаллусли ижодкор томонидан Ўзбекистон халқаро ислом академияси ўқув жараёнидаги айрим ўзгаришлар танқид остига олинган “Ислом академиясининг янги йўналиши «туғилди-ю, шу он бўғилди»” сарлавҳали материални эълон қилди.

Аввало, одамлар орасида ўз мухлисларини топиб бораётган шундай сайт академия фаолиятини синчковлик билан кузатиб бораётгани ёқимли эканини алоҳида тилга олиш зарур. Бу сайт саҳифаларида академияга тегишли ижобий ва салбий мазмундаги бир неча материаллар бор. Мана шу материалларнинг берилгани бизда мазкур сайт академия фаолиятига бефарқ эмас, деган хулоса уйғонишига туртки бўлди ва шунинг учун сайт эълон қилган мақолага жавоб беришни лозим топдик.

Шуни таъкидлаш лозимки, мақола танқидий руҳда ёзилгани сарлавҳасидаги қочириқ жумлалардан ойдек равшан. Мақолада келтирилган фактлар ҳам айни ҳақиқат. Бироқ, сайт ижодкорлари, хусусан Қусам Касбий тахаллусли қаламкаш мақоладаги фактларни расман академиянинг Матбуот котиби ёки Оммавий ахборот воситалари ва жамоатчилик билан ишлаш бўлимидан олмаган. Балки унга мақоладаги рақам ва фактларни ичимиздан кимдир сиздиргандир. Чунки бундай аниқ фактларни четдан туриб билиб бўлмайди. Майли бунисига ҳам эътироз йўқ. Ҳаммаси тўғри. Журналист маълумот олишни эплабдими, демак боплабди. Зотан, журналист академиядан бу маълумотларни сўраганда ҳам берардик. Балки шунда ижодкор отаси қўйган исмини тахаллус ортига яшириб ўтирмасди (агар ҳақиқатан унинг исми-шарифи Қусам Касбий бўлса, гарчи бунга ишониш қийин-ку, бу тахмин учун узр сўрашдан қўрқмаймиз).  Академия нонини еб, ташқаридагиларнинг “кўзу қулоғи”га айланган ходимнинг хуфёна иши ўзининг виждонига ҳавола.

Аниқлик киритилиши керак бўлган томони шундаки, академиядаги ўзгаришлар, хусусан мақолада танқид қилинган “Ислом иқтисодиёти ва молияси” йўналишининг “Хорижий мамлакатлар иқтисодиёти ва мамлакатшунослик (мусулмон мамлакатлари)”га ўзгартирилгани нотўғри талқин қилинган. Мақолада келтирилган араб тили, ислом иқтисодиёти, исломий банклар фаолияти каби фанлар “Ислом иқтисодиёти ва молияси” йўналиши очилгунга қадар ҳам ўргатилган. Бугунги кунга келиб, йўналиш номининг ўзгартирилгани бу фанларни ўқитишдан воз кечилганини англатмайди. Мана шу жойда “топқир” журналист академия маъмуриятига расман мурожаат қилиб, аниқлик киритса бўларди. Буни истамаса, фаросат ва ақлга таяниб, мантиқан ўйлаб кўриб, тўғри хулосани топиш ҳам мумкин.

Гапнинг индаллоси шуки, “Хорижий мамлакатлар иқтисодиёти ва мамлакатшунослик (мусулмон мамлакатлари)” йўналишининг йўлга қўйилиши ушбу соҳани кенгроқ ва чуқурроқ ўргатилишини таъминлаш мақсадида амалга оширилган ва бу давр талабидир. Шуни инобатга олган ҳолда академияда иқтисодиётни ўрганаётган талабаларнинг тор доирада, яъни фақатгина ислом иқтисодиёти ва молияси йўналишида эмас, балки ушбу мураккаб соҳанинг барча жабҳаларида фаолият олиб боришга тайёр кадр сифатида тарбиялаш учун ҳам йўналиш номи ўзгартирилиб, фанлар қамрови сезиларли кенгайтирилди. Яна бир қайта таъкидлаймизки, янги йўналишда талабаларга анъанавий иқтисодий фанлар билан бир қаторда ислом иқтисодиётига оид илмлар ҳам чуқур ўргатилади. Талабаларимизнинг ҳам дунёвий, ҳам диний билимларни эгаллашини Аzon.uz сайти ходимлари ҳам қўллаб-қувватлашига умид қиламиз.

Ислом иқтисодиёти ва молияси йўналиши ўзгарганидан хавотирга тушаётган ҳамюртларимизга, айниқса диний соҳани ёритаётган оммавий ахборот воситалари ходимларига шуни алоҳида маълум қиламизки, талабаларга бу соҳани янада чуқурроқ ўргатиш учун Мисрдан таклиф қилинган доктор Муҳаммад Эйд Балбаа ислом иқтисодиётига оид фанлардан дарс ўтмоқда.  Шунингдек, таълим сифатини ошириш мақсадида Япониядан келган мутахассис Масаши Датэ эса халқаро доирадаги иқтисодий билимларини талабалар билан баҳам кўрмоқда.

Демак, академиянинг ўқув жараёнидаги ўзгаришлар “Ислом иқтисодиёти ва молияси” йўналишини “бўғиш” учун эмас, балки имкониятларни кенгайтириш мақсадида қилинган.

Аzon.uz сайти ижодкорлари ижодига баркамоллик тилаган ҳолда шуни истардикки, муҳтарам ижодкорлар қайси мавзуда қалам тебратсангиз ҳам ишга адолат билан ёндашинг, фактларни тўғри талқин қилинг, шов-шувлар ортидан қувманг. Зеро, шошма-шошарлик билан одамлар орасида ном қозонамиз, деб муфтий ҳазратларини ўзбошимчалик билан истеъфога чиқариб юборган сайт ҳам айнан Аzon.uz бўлади. Диний соҳани ёритишга ихтисослашган экансиз, ҳар бир масалани мазмун-моҳиятини тўла англаган ҳолда, фактларни қайта-қайта текшириб, адолат билан қалам тебратишингиз иймондан бўлади.

Зеро, Қуръони каримнинг “Хужурот” сураси 6-оятида “Эй иймон келтирганлар! Агар фосиқ хабар келтирса, аниқлаб кўринглар, билмай бир қавмга мусибат етказиб қўйиб, қилганингизга надомат чекувчи бўлманглар” дейилган.

 

Ўзбекистон халқаро ислом академияси   

Print